Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик янада кенгаймоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” тайёрланди. 2021 йил 15 июнь куни мазкур чора-тадбирлар режаси Бош вазир томонидан тасдиқланди.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистон билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш вазифаси белгилан. Чора-тадбирлар режасини тайёрлаш ва тасдиқлаш билан боғлиқ ишлар ана шу вазифа ижроси доирасида амалга оширилди.

Бугунги тобора глобаллашиб бораётган дунёда ва COVID-19 пандемиясига ўхшаган таҳдидлар кучайиб бораётган бир даврда мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб турибди. Чора-тадбирлар режаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни таъминлаш ва мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган сиёсатнинг таркибий қисмидир.

Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик мигрантларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича 2023 йилгача амалга оширладиган ташкилий, амалий, ўқув-маърифий ва тарғибот тадбирларини ўз ичига олади. Чора-тадбирлар режасида, жумладан:

- 2030 йилгача бўлган давр учун, меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилишда кафолатланган тенглик мезонларига эришишни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси миграция соҳасидаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш;

- Ташқи меҳнат миграцияси соҳасига миграцияни бошқариш кўрсаткичлари тизимини (Migration Governance Indicators) татбиқ этиш;

- Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг сифатини яхшилаш;

- чет элдаги меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий кўниктириш бўйича курслар ўтказиш;

- хорижий давлатлардан оғир аҳволга тушган фуқароларимизни қайтариш жараёнини ташкил этиш;

- оғир аҳволга тушиб, Ватанга қайтиб келаётган мигрантларнинг реинтеграцияси бўйича ёрдам кўрсатиш;

- мигрантлар ҳуқуқи бўйича халқаро шартномалар мазмунини давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли вакилларига етказиш;

- Меҳнат миграциясини самарали бошқариш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари малакасини ошириш учун тренинглар ўтказиш;

- Мигрантлар ҳуқуқи бўйича халқаро шартномаларнинг давлат тилига таржимасини амалга ошириш, миграцияга доир Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари тўплами ва қўлланмасини чоп этиш;

- “Миграция ҳуқуқи” дарслигини тайёрлаш ва нашр қилиш каби тадбирлар назарда тутилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Чора-тадбирлар режасини ижро этиш бўйича тадбирларни бошлаб юборди. Жумладан, Марказда Мигрантлар ҳуқуқлари Ахборот-ресурс маркази ташкил қилиниб, унинг базасига мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий нашрлар ва бошқа ахборот ресурслари жойлаштирилмоқда.

2021 йил 17-21 май кунлари Марказ директори А. Саидов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясига ташриф буюриб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолатини ўрганди. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон-Россия Форуми ўтказилиб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати, хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни ташкил қилиш бўйича чоралар муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech