Халқаро миграция ташкилотидан Марказга миннатдорчилик мактуби келди

Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси Зейнал Гаджиевдан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори номига миннатдорчилик мактуби келди.

Маълумки, Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича cубминтақавий мувофиқлаштирувчиси, миссия раҳбари Зейнал Гаджиев 2021 йил 15-19 март кунлари мамлакатимизга ташриф буюрганди. Ушбу ташриф доирасида мартабали меҳмон 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази дирекктори Акмал Саидов билан учрашди.  

Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб иш жойлари ва меҳнат шароитларини яратиш, ташқи миграция борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, фуқароларимизни чет давлатларда ҳуқуқлари ва манфаатлари, муносиб иш билан таъминланиши, одам савдоси қурбонларини юртимизга қайтариш масалалари, ноқонуний миграция ва бошқа йўналишлардаги ишларнинг олиб борилиши тўғрисида сўз юритилди.

З.Гаджиев сўнгги йилларда чет элда фаолият олиб бораётган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро миграция ташкилоти билан икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва янги йўналишларни қамраб олган ҳолда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имкониятларига урғу берилди.

Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси ўз мактубида ана шу самимий ва самарали учрашув учун миннатдорчилик билдирган. Учрашув чоғида белгилаб олинган ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, шубҳасиз, Халқаро миграция ташкилотининг дастурий фаолиятида ўз аксини топиши ва Ўзбекистон учун шакллантириладиган лойиҳаларда ҳисобга олинишини қайд этган.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида бир қатор миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистонда жорий йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилингани муносабати билан БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси, шунингдек Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан бирга глобал форум ўтказиш таклиф этилгани халқаро аҳамиятга эга ташаббуслардир.

Халқаро миграция ташкилоти  расмий вакили ўз мактубида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этиладиган шу каби халқаро мулоқотлар йўналишида ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини мамнуният билан маълум қилган.

З.Гаджиев Халқаро миграция ташкилоти билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида қарор топган самарадор ва амалий ҳамкорлик алоқалари ҳамда томонларнинг ўзаро муносабатларни янада кенгайтиришга тайёрлиги, ўз навбатида, мазкур халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги дастур ва лойиҳаларини ҳар бир инсонга фаровонлик етказадиган даражада муваффақиятли ва натижадор амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech