Хотин-қизлар учун олий таълимдаги янги имкониятлар
Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги, уларнинг таълим ва касбий ривожланишдаги иштироки тобора ортиб бормоқда. Айниқса, олий таълим тизимида аёллар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар мамлакатда гендер тенглик сиёсатининг амалий кўринишидир.
Бугунги кунда ўз соҳасида катта тажрибага эга, бироқ турли сабабларга кўра олий маълумот ололмаган аёллар учун янги имкониятлар эшиги очилди. Эндиликда улар ҳам ўз касбий фаолиятини илмий ва академик даражада давом эттириш имкониятига эга бўлмоқда. Бугун юртимизда ўз касби, соҳаси бўйича тажрибага эга, бироқ олий маълумот ололмаган аёллар учун эшиклар янада кенг очилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларда камида 5 йил меҳнат стажига эга, аммо олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун тўлов-контракт асосидаги қабул квотаси 500 тадан 2,5 мингтагача — 5 баравар оширилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг имтиёзли тавсияномаси асосида 3933 нафар хотин-қиз давлат гранти, 845 нафари тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинди.
Жорий ўқув йилида жами 200 минг 446 нафар хотин-қиз олий таълим муассасаларига, шундан:
100 246 нафари — давлат ОТМларига,
92 451 нафари — нодавлат ОТМларга,
7 749 нафари — хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Мазкур ташаббуслар UNESCOнинг таълим соҳасидаги мақсад ва тамойилларига тўла мос келади.
Бугун аёлларнинг олий таълимга кириш имкониятлари кенгайгани нафақат индивидуал ютуқ, балки бутун жамият тараққиётининг кўрсаткичи ҳисобланади. Таълим олган аёл — билимли она, етук мутахассис ва фаол фуқаро. Демак, олий таълимдаги бундай имкониятлар мамлакатнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожига бевосита ҳисса қўшади. Юртимизда хотин-қизларнинг таълим ва илм-фан соҳасида фаол иштироки ўзига хос ўзгаришлар даврининг белгиси бўлиб хизмат қилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский