Хотира уйғонса – гўзал

Бундан икки йил олдин мамлакатимиз пойтахти – Тошкентда “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, "Кўз ёши" монументлари ҳамда “Шон-шараф” давлат музейини ўзида қамраган муҳташам Ғалаба боғи бунёд этилди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади".

6 март куни Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 28-сонли ўрта умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб "Хотира уйғонса – гўзал" мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий анжуманда шу ҳақда сўз борди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими, Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси ва Бахмал тумани Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мактаб фахрий ўқитувчиси Бердимурод ота Ҳайитқулов ва Удамали қишлоғи оқсоқоли Абдураҳмон ота Мусурмонов ўз чиқишларида Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган "Ғалаба боғи"нинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталдилар. Мулоқотда уруш – инсоният учун кулфат, тинчлик эса барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт омили экани таъкидланди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Удамали қишлоғидан 25 нафар йигит жанг майдонларида жасорат кўрсатган бўлса, бутун қишлоқ аҳли фронт ортида матонат билан меҳнат қилган. Тадбир иштирокчиларининг фикрича, Ватан учун жон фидо этган аждодларимиз хотирасини ёд этиб, шу саодатли кунларда истиқлолни мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатаётган юртдошларимизни муносиб қадрлашда Мустақиллик байрами, Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни каби улуғ айёмлар улкан  аҳамият касб этади.

Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби Ғ.Мирзаев томонидан мактаб кутубхонасига китоблар туҳфа этилди.

Лотин имлосидаги ўзбек алифбосида янги нашр этилган туркум китоблар орасида "Темур тузуклари", Мирзо Улуғбекнинг "Тўрт улус тарихи"", Руи Гонсалес де Клавихонинг "Амир Темур Испания элчиси нигоҳида" номли тарихий асарлари, Абдулла Қодирий, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф каби атоқли ўзбек шоиру ёзувчиларининг сара китоблари, шунингдек жаҳон адабиёти намояндаларидан Жонатан Свифт, Александр Пушкин, Антон Чехов, Чингиз Айтматов каби даҳо ижодкорлар асарлари бор.

– Ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китоб алоҳида ўрин тутади, – деди тадбир якунида 28-сонли ўрта умумтаълим мактаби директори Шукрулло Шойзоқов. – Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, ҳамиша эзгуликка ундайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech