Янги Ўзбекистон: тиббиёт ва инсон манфаатлари

Куни кеча Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Нурбулоқ қишлоғида Абу Али Ибн Сино номидаги санаторийнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, сенатор Б.Йўлдошев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар бу каби замонавий сиҳатгоҳларнинг ташкил этилиши юртимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг натижаси эканлигини таъкидладилар.

Академик А.Саидов қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки давриданоқ халқимиз соғлиги учун қайғуриш вазифасини – Янги Ўзбекистонни бунёд этишнинг бирламчи омили сифатида кун тартибига қўйди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, халқ соғлиги – энг муҳим мезон, чунки аҳолиси соғ-саломат ва билимли давлатгина янги Ренессансга асос солишга қодир бўлади.

Ўтган йили, пандемияга қарамасдан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси саъй-ҳаракатлари билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳарчасида “Оқ кема” оромгоҳи ва Сурхондарё вилоятида худди шундай шинам санаторий бунёд этилганди.  Самарқанд заминидаги ушбу янги ва замонавий санаторийнинг Абу Али ибн Сино номида экани замирида муҳим бир эзгу ният ўз мужассамини топган.

Бу ҳам бўлса, ушбу қутлуғ ном – икки йилдан буён бутун ер юзи аҳолиси қатори халқимизни ҳам ташвишу азобларга солиб келаётган коронавирус дардидан тезроқ ҳамда имкон қадар камроқ зиён билан қутилиш истагимизнинг ўзига хос рамзий ифодасидир.

Нурбулоқ қишлоғида инсон ҳаракат-таянч аъзолари хасталикларини даволашга мўлжалланган, шифобахш родон суви мавжуд, дейилади ЎзА хабарида. Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимда янги дам олиш масканлари ташкил этиш, мавжудларини бугунги кун талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. 

Ана шу эътибор туфайли Нурбулоқдаги санаторийнинг 108 ўринга мўлжалланган, беш қаватдан иборат янги биноси бунёд этилди. Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ сарфланди.  

Маросимда санаторийга касаба уюшмалари Федерацияси томонидан автобус совға қилинди. Янги саноаторийнинг дастлабки юз нафар дам олувчиси юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи меҳнат фахрийлари, фаоллар, жамоатчилик вакиллари бўлди. Уларга бепул йўлланма берилиб, бу ерда 10 кун давомида саломатлигини тиклашлари учун имконият яратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech