Мамлакатимиз Президенти 2018 йил 25 августда “Ўзбекистон Республикасида Ёшлар кунини белгилаш тўғрисидаги”ги Қонунга имзо қўйди. Сўнгги йилларда ушбу кун мамлакатимизда кенг нишонланмоқда, ёшларнинг энг севимли, уларни бирлаштирадиган байрамига айланиб бормоқда. Ўтган қисқа даврда жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Бугунги ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди. Интернет орқали жаҳонга чиқишаяпти. Хорижда билим олишга эришишяпти. Турли тилларни ўрганишмоқда. Фан ва спорт олимпиадаларида жаҳон аҳлига ҳайратлар улашмоқдалар.
Биз бундан жуда хурсандмиз. Ёшлар – мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги! Шу маънода, 30 июнь – Ёшлар куни, аслида ҳам, бугунги саодатли ҳаётидан мамнун, келажакка дадил қараётган, ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган, илм сирларини изчил ўрганаётган, Ватан тақдирини ишониб топширишга арзийдиган ёшлар байрамидир.
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар куни — фақат ўйин-кулги, шоду хуррамлик айёми эмас. Бу кун учун муайян мавзу танланиши, ҳукумат аъзолари, расмийлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ва, албатта, ёшлар вакиллари иштирокида ёшларга оид муаммолар юзасидан фикр алмашиш, ечим ва таклифлар ишлаб чиқилиши зарур.
Масалан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, бўш иш ўринларини яратиш ва уларни қандай қилиб топиш бўйича ёшлар хабардорлигини ошириш, ёшларни чекиш ва ичкиликбозликдан ҳимоя қилиш, ёшлар ишбилармонлиги каби долзарб масалалар юқори даражада муҳокама қилиниши лозим. Бу муҳокамалар кейинчалик ҳуқуқий ҳужжат, дастур, лойиҳа ёки “Йўл харитаси” кўринишида ҳаётга татбиқ этилиши мумкин.
Ёшлар куни муносабати билан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ахборот маданиятини юксалтириш, ҳуқуқлари, имкониятларидан хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот-тарқатма материаллар тайёрланиши ва шаҳар-қишлоқларда тарқатилиши ҳам ўринлидир. Дейлик, уларда коллеж битирувчисининг ҳуқуқ ва имтиёзлари, қонуний манфаатлари бузилган тақдирда кимга ва қандай тартибда мурожаат қилиши, тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишдаги имтиёзлар ва бошқа зарур ахборотлар, ёшлар учун фойдали ахборот манбалари ҳақидаги маълумотлар киритилиши мумкин.
Янги Ўзбекистон – обод ва фаровон мамлакатимизни барпо этишда ёшларимизнинг алоҳида ўрни бор. Улар ўз ватанпарварликлари, билим ва малакаси, ғайрат-шижоати, ташаббускорликлари билан шу юрт ва шу халқнинг муносиб фарзандлари эканликларини намоён этишга қодирлар.
Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимидаги инновацион ёндашувлар ва ёшларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани давлатимизнинг ёшларга бўлган эътиборининг нақадар юксак эканлигидан далолат беради. Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишда, бу йўлда ишончимиз ва таянчимиз бўлмиш навқирон авлодларга ҳар томонлама муносиб таълим-тарбия беришда албатта, жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновациялар етакчи ўринда бўлиши зарур.
МУХЛИСА ҲАСАНОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта таҳрирчиси
- Қўшилди: 30.06.2021
- Кўришлар: 6636
- Чоп этиш