ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА

Ўз халқини қадрлаган, мамлакатдаги ҳар бир инсон ҳуқуқини ҳимоя қила олган давлатни дунё ҳамжамияти ҳам ҳурмат қилади. Давлат халқнинг хоҳиш-иродасини амалда ифода этиб, инсон манфаатларини кафолатловчи қонунлар асосида фаолият олиб борсагина, кучли ва қудратли бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда сўнгги йилларда қўлга киритмлаётган муваффақиятлар ушбу тарихий ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда.

Асримизнинг дастлабки ўн йилида халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатимиз инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича энг кўп танқид остига олиниб, бу давлатимиз тараққиётига, унинг халқаро нуфузига, юртимизга кириб келаётган хорижий инвестициялар оқимига салбий таъсир кўрсатгани сир эмас. Бугунги кунда эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминловчи энг нуфузли халқаро ташкилот – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси даражасига эришди.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, мамлакатимиз сўнгги йилларда ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келди. Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олди.

Яна бир жиҳат: 150 дан ортиқ мамлакат президентлари, ҳукуматлар ва йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлатимиз раҳбари биринчи бўлиб сўзга чиқди ҳамда ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмат ва эътибордан, давлатимизнинг жаҳон миқёсидаги ўрни юксалиб бораётганидан далолат беради.

Нутқда Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг, шунингдек Кенгаш доирасидаги мамлакатимиз фаолиятининг еттита устувор йўналиши санаб ўтилди.

Устувор йўналишлардан бири сифатида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари тўғрисида тўхталар экан, давлатимиз раҳбари қуйидаги таклиф ва ташаббусларни илгари сурди:

  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
  • БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
  • Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш.

Қайд этиш ўринлики, сўнгги тўрт йилда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига фаоллик билан қаратиб келмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш бўйича ташаббус илгари сурилди.

Шунингдек, 2019 йилнинг 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзуидаги йиллик 6-семинари ўтказилди. Семинар якунида “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси” қабул қилинди.

2020 йилнинг 12-13 август кунлари “Ёшлар – 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд форуми юқори савияда ташкил этилди. Форум якунида Самарқанд резолюцияси қабул қилинди ва у БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

XXI асрда ёшлар дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этаётганини, ёшлар сонининг ортиши жамиятда мазкур тоифадаги шахслараро муносабатларнинг хилма-хиллашувига, аҳолининг бошқа қатламларига улар кўрсатадиган таъсир кучининг ортишига олиб келишини, бу эса ёшлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг янги ҳуқуқий тизимларини ишлаб чиқишни тақозо этишини инобатга олсак, давлатимиз раҳбари юксак халқаро минбардан туриб таъкидлаётган фикрларнинг, илгари сураётган таклиф ва ташаббусларнинг моҳиятини янада теранроқ англаймиз. Буни хорижий мутахассислар ҳам эътироф этмоқда.

“Ёшлар – бизнинг келажагимиз, улар янги дунёни барпо этади ва шунинг учун ёш авлодга кўпроқ эътибор бериш керак, – дейди «Volt» Умумевропа сиёсий партиясининг Бельгия бўлинмаси коммуникациялар бўлими ҳамраиси Вита Кобиела. –  Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар ва аҳоли саломатлиги муҳофазасини 2021 йилнинг устувор вазифаси этиб белгилаб, ўзини доно давлат арбоби ва муаммоларни чуқур тушунадиган сиёсатчи сифатида намоён этди”.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи инсон ҳуқуқларини, шу жумладан ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ер юзидаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг кафолати эканини яна бир бор бутун дунёга эслатди.

Дунёнинг энг йирик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ташкилот минбаридан туриб билдирилган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизнинг нафақат халқаро ҳуқуқда қабул қилинган инсонпарвар меъёрларнинг интизомли ижрочиси, балки глобал аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар ташаббускори сифатида ҳам мавқеи мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти ходими

Инфографика: А.Жуманиязов тайёрлади

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech