Тошкентда “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” номли тўплам чоп этилди. Янги нашрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда айни мавзуда ташкил этилган халқаро конференция материаллари жамланган.
Китобга, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг “Сайлов қонунчилигининг ривожланиш босқичлари” номли мақоласи киритилган.
Мақолада сайлов қонунчилиги, унинг ривожланиш босқичлари ва ўзига хос энг муҳим хусусиятлари ҳамда жамият ва давлат ҳаётидаги, мамлакат ва халқнинг келажак тақдиридаги ўрни ва роли, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек ҳар бир фуқаро – сайловчига ўз конституциявий сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун яратилган тенг ва кенг имкониятларнинг қонуний асослари ҳуқуқий ва илмий жиҳатдан чуқур ёритилган.
Тўпламдан жой олган мақолаларда парламент, жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари, қонун ижодкорлиги субъектлари, миллий ва хорижий олимлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакиллари фикрлари асосида ёшларнинг сиёсий онги ва электорал маданиятини юксалтириш, жамиятда ёшларнинг фаоллигини янада кучайтириш ва электорал маданиятини ошириш борасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг замонавий ва хорижий технологиялардан фойдаланишга қаратилган илмий-амалий таклиф ва тавсиялар баён этилган.
Тўплам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий Мажлис палаталари аппарати ходимлари, сайлов ҳуқуқи ва жараёнлари бўйича илмий изланувчилар, олий юридик ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ушбу масалаларга қизиқувчи мутахассис ва жамоатчилик вакиллари учун мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2021
- Кўришлар: 3436
- Чоп этиш