ИҲТ комиссиясига янги сайланган аъзоларнинг қасамёд маросими бўлди

24 сентябрь куни Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг янги сайланган аъзолари тантанали равишда қасамёд қилдилар. Маросим муқаддас Қуръони карим оятлари тиловати билан бошланди.

Онлайн тарзда бўлиб ўтган маросимнинг очилиш қисмида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Вице-президенти Саидоу Догон Гуйда ҳамда Комиссия Бош директори Ҳади Али Алямий нутқ сўзлади. Улар янги сайланган аъзоларни самимий табриклаб, уларнинг фаолияти Комиссиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазифаларини бажариш ва ислом оламида адолат, инсонийлик ҳамда қонунийлик тамойилларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Шундан сўнг қасамёд маросими ўтказилиб, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг саккиз нафар янги аъзоси ўз ваколатларига расман киришдилар. Комиссия янги аъзолари орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев ҳам бор. Миллий марказ вакилининг мазкур Комиссияга аъзолиги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги фаол иштироки ҳамда нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Маросим якунида Комиссия Бош директори иштирокчиларга миннатдорлик изҳор этиб, янги аъзоларнинг ўз масъулиятли вазифаларини сидқидилдан бажаришларига ишонч билдирди. Тадбир Комиссия Вице-президентининг якуний нутқи билан ёпилди.

Ушбу қасамёд маросими ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг янги аъзолари ўз ваколатларини бошлаганини англатади. Бунда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида адолат ва эркинлик тамойилларини юксалтиришга қаратилган фаолиятнинг янги босқичи белгилаб берилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон вакили жорий йилнинг 21–22 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида 2025–2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолигига сайланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech