Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси фуқаролик жамияти вакиллари билан муҳокама қилинди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан ҳамкорликда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида турли соҳа вакиллари билан туркум мулоқотлар ўтказишни йўлга қўйди. Илк мулоқот 7 январь куни фуқаролик жамияти институтларининг юзга яқин ходимлари ва фаолларини офлайн ва онлайн форматда жамлади.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов очиб бериб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясинининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларин сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш давом этмоқда. Фуқароларга ўз таклиф ва мулоҳазаларини regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали ёзиб қолдириш имкониятлари яратилган.

Мулоқот мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш орқали инсонпарвар давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш жиҳатлари муҳокама қилинди. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилганига тўхталиб ўтилди. Бунда қуйидагилар таклиф этилмоқда: жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини 7 баробарга ошириш.

Мулоқот иштирокчилари айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш ўз самарасини беради. Шунингдек, ижтимоий шерикликнинг самарасини, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш юзасидан берилаётган таклифлар юзасидан фикр алмашинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech