2020 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзига хос аҳамиятлари

1948 йил 10 декабрь инсоният тарихида инсон қадрини энг юқори нуқтага кўтариш учун ташланган илк қадам сифатида муҳрланди. Ушбу кунда бутун дунё ҳамжамиятини тинчлик йўлида бирлаштирган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, дини, жинси, тили, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, инсон сифатида қабул қилиниши каби ажралмас ҳуқуқларини эълон қилувчи муҳим ҳужжатдир. Бу ҳужжат дунёнинг 500 га яқин тилига таржима қилинган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун 10 декабрь эса Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида бутун дунёда нишонланади. 72 йилдан бери ушбу санада дунёнинг деярли барча давлатларида тантанали маросимлар, турли тадбирлар ўтказилади, шунингдек мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари сарҳисоб қилинади, келажакда амалга оширилиши мўлжалланган янги мақсад ва вазифалар белгилаб олинади.

2020 йилда дунё халқлари COVID-19 пандемияси билан мардонавор курашгани муносабати билан бу йилги Халқаро инсон ҳуқуқлари куни пандемиядан сўнг Инсон ҳуқуқларини таъминлашни янада самарали амалга ошириш шиори остида нишонланмоқда.

Айтиш ўринлики, пандемия даврида Ўзбекистон Республикаси халқи, ҳукумати, барча давлат ва нодавлат ташкилотлари елкама-елка туриб, ўзаро ҳамжиҳатликни намоён қилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирларда эса аввало инсон ҳуқуқлари кафолатларига имкон даражасида путур етказмаслик, инсоний қадриятлар устуворлиги таъминлаш каби тамойилларга риоя этилмоқда.

Пандемия даврида асосий инсон ҳуқуқларидан бўлмиш илм олиш ҳуқуқи Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун теледарслар орқали бўлса-да таъминланди. Инсонларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлигида таъминланди. Коронавирус билан касалланганларнинг даволанишлари учун барча шароитлар яратилиб, керакли дори-дармонлар узлуксиз етказиб берилмоқда.

Пандемия даврининг мураккабликларига қарамай, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Миллий стратегия Ўзбекистон Республикаси учун инсоний қадриятларни ҳар бир фуқаро ва республикаси ҳудудидаги ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи эканлигини таъминлашни назарда тутувчи йўл харитаси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида Ўзбекистон Республикасида олиб борилган изчил ислоҳотлар ижтимоий ҳаёт, иқтисод, маъориф билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари соҳасини ҳам қамраб олди. Мамлакатимиз фуқаролари ўз фаолиятларида бундай ўзгаришларга гувоҳ бўлиб турган бўлсалар, дунё ҳамжамияти БМТ Бош Aссамблеясининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига Ўзбекистонни тарихда илк бора сайлаши орқали гувоҳлик берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми дунё ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни инсон ҳуқуқлари билан таништириш ҳамда ёшлар орасида инсон ҳуқуқлари тушунчаларини кенг тарғиб қилиш ва ўқитиш учун асосий йўналишларни белгилаб берди. Пандемия сабабли веб-форум форматида ташкил этилган тадбирда БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Кенгаши каби қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон ва ўн бешдан зиёд хорижий мамлакатдан етти юз элликдан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Хулоса қилиб айтганда, пандемия халқаро миқёсда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимига ўз таъсирини кўрсатди. Давлат ҳам бу борада пандемия шароитларига мослашишига тўғри келди. Ўзбекистон эса мураккабликларга қарамай, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича сезиларли ютуқларга эриша олди.

Назира Рахматиллаева,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” 
журнали мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech