АСОССИЗ ҚАРЗДОРЛИК БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви учун яратилган имкониятлардан фойдаланиши, уй-жой билан таъминланиши ҳамда моддий тўловлар берилиши билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ижросини доимий назоратга олган.  Бу борада жойларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар бериб борилмоқда.

Хусусан, яқинда Миллий марказ томонидан Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчиси, чин етим Ю.Шевлякова ва Бўка туманидаги 15-сонли Меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчиси Д.Ивановнинг фойдаланилмаган коммунал хизматлар учун асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норозилиги ҳақидаги мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ушбу мурожаатлар бўйича “Прокуратура тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2018 йил 10 декабрдаги 4056-сон қарори талабларига биноан қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан Тошкент вилоят прокурори номига тавсия хатлари киритилди.

Вилоят прокуратураси олиб борган прокурорлик назорати натижасида фуқаро Ю.Шевлякованинг онасидан мерос қолган Ангрен шаҳар, Генерал Эргашев кўчаси, 49-уйни ўз номига расмийлаштириш чоғида ўзи фойдаланмаган электр таъминоти учун электр энергиясидан мавжуд 18,7 млн сўм қарздорликни ушбу хонадонда йиллар давомида ноқонуний яшаб келган фуқаро Ш.Нарбаевадан ундириш белгиланди.

Мазкур хонадон унинг қонуний эгаси Ю.Шевлякова номига расмийлаштириб берилиши ва янги электр энергияси ҳисоблагичи ўрнатиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, фуқаро Д.Ивановга Ангрен шаҳар ҳокимининг 2020 йил 18 ноябрь кунги 1215-сон қарори билан ажратилган шаҳарнинг 4-даҳаси, 13-уй 7-хонадонда “Сариштали хонадон” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун тегишли тўлов талаб қилинаётганлиги аниқланди. Вилоят прокуратурасининг аралашуви билан ширкатдан бўлган қарздорлик бартараф этилди.

Миллий марказ ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси идоралари билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб келади.

 

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech