Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларга риоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналиши

Ҳеч кимга сир эмаски, болалар ҳар доим давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик қилиш ва қўллаб-қувватлашга муҳтождирлар. Бу уларга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан берилган ҳуқуқдир. Яъни декларациянинг 25-моддасида таъкидланганидек: “Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқини беради”.  Шундай экан, ҳар бир давлатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича сиёсати БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бола ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа халқаро шартномаларга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларига асосланади. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда  БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди,  Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди, эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланди, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланди, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди,  етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди, Жиноят кодексига вояга етмаганларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйишни назарда тутвчи ўзгартиришлар киритилди ва бошқалар.

Мамлакатимизда болалр ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4736-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 6012-сон фармони ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир. Бугунги кунда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги устувор ҳужжат ҳисобланади. Ҳусусан, Миллий стратегияда болаларга нисбатан алоҳида муносабатни назарда тутадиган одил судлов институтларини жорий этиш, болалар ва аёллар фоҳишабозлиги ва порнографиясининг сабаблари ҳамда шароитларини аниқлаш ва олдини олиш, болаларни интеллектуал ривожлантириш, парвариш қилиш ва соғломлаштиришни таъминловчи мактабгача таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини таъминлаш, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар қоидаларини имплементация қилиш ва мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги ПҚ-4736-сон қарори қарори билан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ишлаб чиқиш,  бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни мониторинг қилиш, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари сифатида белгиланди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш - бу ушбу нормаларни давлат томонидан ўз ҳудудида, унинг юрисдикциясидаги барча шахсларга нисбатан амалга оширишини англатади. Шу билан бирга, бу жараён давлатнинг халқаро мажбуриятларини бажарилишини таъминлашга қаратилган қонун ижодкорлиги ва ташкилий фаолияти сифатида намоён бўлади.

Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқларига оид деярли барча халқаро ҳужжатлар давлатларнинг тегишли муносабатларни ушбу ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида тартибга солиш мажбуриятларини кўзда тутади. Албатта, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳам бундан мустасно эмас. Конвенциянинг 4-моддасида “Иштирокчи-давлатлар ушбу Конвенцияда эътироф этилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий ва бошқа чораларни кўрадилар” деб белгиланган. Бунда Конвенция қоидаларини имплементация қилиш, миллий қонунчилик нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан мазкур соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш ёки бошқа маъмурий ва ташкилий чораларни қўллаш орқали амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунга қадар Конвенциянинг кўплаб қоидалари имплементация қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси,  “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги фаолиятини янада такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бола ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро шартномаларини бажариш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Мазкур Стратегия мамлакатимизнинг кейинги
5 йилликда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий вазифаларини, уларни амалга ошириш механизмлари ва чораларини белгилаб беради.

Шунингдек, Стратегия Конвенциянинг барча моддаларини амалга оширишга ҳисса қўшадиган, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида бола ҳуқуқларининг аҳамиятини тушунишга ёрдам берадиган ҳамда Конвенцияни амалга ошириш даражасини баҳолашга ёрдам берадиган масалаларни ўз ичига олиши лозим.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бола ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро шартномаларини бажариш стратегияси ўзида қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:

давлат томонидан оила институтини қўллаб-қувватлаш кафолатларини мустаҳкамлаш;

таълим тизимида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш;

болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг саломатлигини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш;

етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш;

болаларга нисбатан одил судловни таъминлаш ва уларни катталарнинг ҳуқуққа хилоф ҳаракатларидан ҳимоя қилиш;

болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд билан боғлиқ бўлмаган воситалар орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш ва болаларни ўзларини мустақил ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш.

Бугунги кун талаби Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш тизимини қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бола ҳуқуқларини тўла ҳажмда ҳимоя қилишга имкон бермайдиган бир қатор бўшлиқлар мавжуд. Мазкур Стратегия ушбу бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.

Шундай қилиб, Стратегия авваламбор, болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш каофлатларини янада мустаҳкамлайди, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш орқали халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи ва имиджини янада яхшилашга ёрдам беради.

Рустам Атовуллоев
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Бош юрисконсульти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech