Тил – миллат кўзгуси

ЮНЕСКО томонидан 21 февраль  Халқаро она тили куни деб эълон қилинган.

Бу 1952 йил 21 февралда бўлиб ўтган воқеа – Бангладешнинг Дакка шаҳрида ўз она тили – бенгал тилини давлат тили даражасига кўтариш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида шаҳар кўчаларига чиққан талабаларнинг полиция ходимлари томонидан ўққа тутилиши билан боғлиқ.

Мазкур сана 2000 йилдан буён халқаро миқёсда нишонлаб келинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2022 йилни – Кўптилли таълимда технологиядан фойдаланиш: муаммолар ва имкониятлар йили деб эълон қилгани ҳам бежиз эмас.

Халқаро она тили кунининг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббатнинг белгиси ўз аксини топади. Мазкур кун  она тили байрами сифатида  нишонланар экан, шу муносабат билан ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва она тилига бўлган муҳаббати, ҳурмат-эҳтироми ҳамда уни қадрлаш туйғулари янгиланади.

 Миллий тил – халқлар ва миллатларнинг асосий мулоқот манбаидир. Тил халқларни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларни сақлайди, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлайди.

Тил – мамлакат тимсоли, қимматбаҳо мулкдир.Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушиши турган гап.

Тилни севиш, ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади.

Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтишмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили – она тилимиз таъсирида шаклланган.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғи ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Тарихга бир назар: 1989 йил 21 октябрь куни юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбек тили – она тилимиз давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Асосий қонунимиз – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши эса она тилимизнинг нуфузини янада юксалтирди.

Давлатимиз мадҳияси халқаро майдонларда ўзбек тилида янграй бошлади. Айниқса, она  тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Ўзбекистон Президенти 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, “2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

2020 йил 20 октябрда эса Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни, деб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида мустаҳкамланганидек, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Она тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат тилини ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Ҳозирги кунда Тараққиёт стратегияси доирасида Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.   

 

Абдукамол ПЎЛАТОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон

Республикаси Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech